2023 йилги Наврўз байрами умумхалқ сайиллари шаклида нишонланади — президент қарори
Шунингдек, байрам арафасида барча шаҳар ва қишлоқларда, овул ва маҳаллаларда умумхалқ ҳашари, кенг қамровли ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари ташкил этилади.
Шавкат Мирзиёев «2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Унга кўра, 2023 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда «Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида нишонланади.
Ташкилий қўмита 2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида кенг нишонланишини таъминлайди.
Байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:
— Наврўз айёмига хос маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этилади;
— Наврўз байрами арафасида барча шаҳар ва қишлоқларда, овул ва маҳаллаларда умумхалқ ҳашарлари, кенг қамровли ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари ташкил этилади;
— Кексалар ҳар томонлама эъзозланади, «Меҳрибонлик», «Мурувват» ва «Саховат» уйларида яшаётган кишиларга, ёрдам ва кўмакка муҳтож фуқароларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари ўтказилади;
— жойларда бўлиб ўтадиган сайилларга фолклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, дорбозлар ва бахшилар, шунингдек, истеъдодли анъанавий ижрочилар ва эстрада артистлари жалб этилади.
— байрам тадбирлари доирасида ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар уюштирилади, китоб расталари, кўчма савдо дўконларини ташкил қилиш, кўклам таомларини тайёрланади ва уларнинг савдосини йўлга қўйилади.